Термиз шаҳрида янги барпо этилган Хотира ва қадрлаш майдонининг очилиш маросими бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Хотира ва қадрлаш майдонини барпо этиш учун 6 миллиард 200 миллион сўм маблағ сарфланди. Икки гектар жойни эгаллаган замонавий майдонда Мотамсаро она ҳайкали қад ростлади. Майдонда замонавий архитектура ва меъморлик анъаналарини мужассам этган кенг айвон барпо этилиб, альюминийдан тайёрланган махсус китоблар ўрнатилди. Ушбу китобларга Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган сурхондарёликларнинг исм-фамилияси зарҳал ҳарфлар билан битилган.

Аввалги Хотира майдонида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган 20 мингдан ортиқ сурхондарёлик аскарнинг исм-фамилияси ёзиб қўйилган эди. Сўнгги йилларда аниқланган яна 4 мингга яқин юртдошимизнинг исм-фамилияси бу рўйхатга киритилди, зиёратчилар учун барча қулайлик яратилди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳаллалар фаоллари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёшлар Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.