Эркин курашчилардан Бекзод Абдураҳмонов ва Аббос Раҳмонов 8 май куни Истанбулда бўлиб ўтган иккинчи жаҳон квалификация мусобақасида Олимпия ўйинлари лицензиясига эга бўлди. Бу ҳақда Спорт курашлари ассоциацияси матбуот хизмати хабар қилди.

Мусобақада биринчи ва иккинчи ўринларни қўлга киритганлар Олимпиада лицензияларига эга бўлди. Ўзбекистонлик спортчилар ҳам ўз тоифаси бўйича финалга йўл олди. «Олтин» учун кечган яккаликларда Абдураҳмонов (74 кг) Испания вакили Таймураз Фриевдан устун келган бўлса, Раҳмонов туркиялик Сулаймон Отлини мағлубиятга учратди.

Бекзод Абдураҳмонов — 2014 йилги жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби, 2014 йилда Осиё ўйинлари ғолиблигини қўлга киритди, 2015 йили эса Осиё чемпиони, Голден Гран-при-2015 ғолиби бўлди. 2015 йилга қадар 70 кг ноолимпия тоифасида жангга кирган бўлса, 2016 йилдан 74 кг вазнга ўтди.

18 ёшли Аббос Раҳмонов Республика олимпия захиралари коллежида таҳсил олади. Ўтган йили ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медал соҳиби бўлди. Истанбулдаги мусобақа унинг катта ёшли терма жамоа таркибидаги илк чиқиши бўлди.

Шундай қилиб, Олимпиада-2016 беллашувларида Ўзбекистондан эркин ва юнон-рим кураши бўйича тўрт нафардан спортчи иштирок этади.