2016 йилда Ўзбекистоннинг узоқ қишлоқларида 194 та маиший хизмат комплекси очилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 4 майдаги қарорида кўзда тутилган.

Гўзаллик салони, сартарошхона, ҳаммом, модалар ательеси, электр жиҳозлар ва оёқ кийимлар устахоналарини ўз ичига олган комплекслар Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилади.

Маиший хизмат комплекслари қурилишига тижорий банкларнинг Марказий банк қайта молиялаш ставкаларидан юқори бўлмаган фоизли ставкалар бўйича тижорий кредитларини жалб этиш режалаштирилмоқда. 

Умумий миқёсда 194 комплекс қурилишига 62,111 млрд сўм, шу жумладан, 19,776 млрд сўмлик банк кредитлари сарфланиши режалаштирилган.

Янги комплекслар фуқароларга хизмат кўрсатиш даражасини яхшилаш, аёлларнинг хўжалик юмушларини енгиллатиш, қўшимча иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида очилмоқда.