Ўзбекистонда 5 майдан фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови бошланди, дея хабар қилди ЎзА.

«Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчиларини сайлаш очиқ ёки яширин овоз бериш орқали амалга оширилади, — деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси ишчи гуруҳи раҳбари Толибжон Мадумаров. — Овоз бериш шакли фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши)да аниқланади. Бунда раислик қилувчи сайлов мажлисида бу масалани овозга қўяди ва фуқаролар йиғинининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилинади».

Йиғилишга раислик қилувчи кўрсатилаётган ҳар бир номзодни таништириб ўтади. Номзодлар ҳам ўзининг дастури ва истиқболдаги режаларини баён этади. Очиқ овоз бериш ҳар бир номзод бўйича ишчи гуруҳига келиб тушган таклифлар тартибига қараб ўтказилади. Фуқаролар йиғинида ҳозир бўлган фуқароларнинг ярмидан кўпроқ овозини олган номзод ғалаба қозонган саналади. Саноқ комиссияси овозлар сонини ҳисоблаб, фуқаролар йиғини қарорини эшиттиради.

Овоз бериш бюллетенлари фуқаролар йиғинларига саноқ комиссияси томонидан овоз беришдан олдин тарқатилади.