Ўзбекистон давлат консерваториясида Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор, Ўзбекистон Давлат мадҳияси муаллифи Мутал Бурҳонов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди, дея хабар қилди ЎзА. Тадбирда мусиқа ихлосмандлари, мусиқашунослар, хонандалар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мутал Бурҳонов миллий мусиқа санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган, ўзбек композиторлик мактабига тамал тошини қўйган инсонлардан бири эди. Машаққатли ҳаёт йўлини босиб ўтган композитор олтмиш йилдан зиёд вақт давомида турли жанрларда бадиий етук асарлар яратди.

Ўзбек бастакорлик ижодиётида романс, акапелла жанрининг асосчиларидан бири бўлган М.Бурҳонов Шарқ халқлари қўшиқларини маҳорат билан миллий мусиқамизнинг нафислиги ва жозибасини сақлаган ҳолда қайта ишлашга муваффақ бўлган. Муаллифнинг бир қатор кинофильмлар учун яратган мусиқий асарлари халқчиллиги, завқли жозибаси билан руҳиятга яқиндир.

Хотира кечасида Мутал Бурҳонов асарларидан тузилган концерт намойиш этилди.