3 май куни Тошкентда UzTrade электрон ташқи савдо майдончаси (tradeuzbekistan.com)нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Майдонча Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг «Савдони ривожлантиришга кўмаклашиш» лойиҳаси билан ҳамкорликда миллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини экспортга йўналтириш мақсадида ишлаб чиқилди.

ТИАИСВ матбуот хизмати хабарига кўра, UzTrade ҳар бир корхона ўз маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштира олувчи саҳифасини очиш имконига эга бўлган Ўзбекистоннинг илк электрон ташқи савдо платформаси ҳисобланади.

UzTrade корхона ва унинг ҳар бир ходимига харидорлар билан экспорт шартномаси шартларини муҳокама қилиш юзасидан музокаралар юрита оладиган алоҳида кабинетларни тақдим этади.

Экспортчилар учун қулайлик яратиш мақсадида UzTrade`да экспорт шартномаси платформасини шакллантириш имкониятлари, шунингдек, ТИАИСВ ва «Ўзтадбиркорэкспорт» АЖ томонидан экспортчиларни ташқи бозорларда ахборот ва маркетинг воситасида қўллаб-қувватлаш йўлга қўйилган.