2 май куни Тошкентда «Бешқайроғоч» мавзеси ва Отчопар ўртасида қатнаётган сўнгги — 2-трамвай йўналиши ҳам ёпилди.
Эрта тонгда трамвайлар йўналишга чиқди, бироқ вагонлардан бири темирйўл изидан чиқиб кетганидан сўнг барча ҳайдовчилар депога қайтиш тўғрисида буйруқ олди. 9:10 да энг охирги вагон депога кирган ҳолда Тошкент трамвайининг 115 йиллик тарихига нуқта қўйди.
«Тошкент трамвайи» компанияси «Газета.uz»га Ўзбекистон пойтахтида трамвай ҳаракати тўхтатилганини тасдиқлади. Шундай бўлишига қарамасдан, на вагонларда, на бекатларда бу ҳақда эълон берилмади, шаҳарнинг турли нуқталарида трамвайни беҳуда кутиб турган йўловчиларни учратиш мумкин.
Трамвай ҳаракатининг тўхтатилиши ҳақида март охирларида маълум қилинган эди (ўшанда шаҳарда олтита йўналиш тўхтатилди). Ҳукумат бунга кам сонли йўловчилар ташилиши, тармоқларнинг эскиргани ва автомобиллар сонининг ортиши билан йўлларни кенгайтиришга эҳтиёж туғилганини сабаб қилиб кўрсатди.