Тошкент ҳайвонот боғидаги оқоёқ (Тянь-шань) айиқлар жуфти — Пашка ва Машка бирваракайига учта айиқчали бўлди. Шу билан 15 ёшли ота-она тўртинчи бор болали бўлди, биринчи учта туғруқда бир йўла иккитадан айиқ болачалари дунёга келган эди, дея хабар қилинади ҳайвонот боғи сайтида.

Айни пайтда айиқ болачалари ташриф буюрувчилар кўриши мумкин бўлган очиқ вольер (ҳайвонлар учун атрофи ўралган махсус майдон)га кўчирилган. Улар аллақачон тўрт ойлик бўлиб улгурган. Шу боис айиқчалар сутли бўтқа, қирғичдан ўтказилган мева ва сабзавотлар, шунингдек, катта ёшли йиртқичлар озуқаси — гўштнинг майда тўғралган ҳолатдагисини татиб кўришга улгуришди.

Айиқчалар аввалига очиқ кенгликда чўчишди, бироқ болаларга хос қизиқувчанлик сабабли улар бутун вольерни айланиб чиқиб, хода ва зинапояларни ўзлаштирмоқда, дейилади ҳайвонот боғи хабарида.