Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги «Baxt Imkon Rivoj Chorvasi» фермер хўжалиги жорий йилда Ўзбекистондаги биринчи эчки фермасини очади.

Сут берадиган наслларни сақлашга мўлжалланган бино қурилиши йил сўнгига қадар якунига етади. Фермер хўжалиги раҳбари Фаҳриддин Исмоилов эса айни пайтда Германияда 1000 бош эчки ва 1000 бош сигир сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Эчки сути мазкур маҳсулотнинг бошқа турларига қараганда фойдалироқ бўлиб, организмда яхши ўзлаштирилади, ошқозон бузилишларни келтириб чиқармайди. Бундан ташқари, унда бета-казеин сигир сутига қараганда бир неча баробар кўп бўлиб, таркиби бўйича она сутига яқин туради.

Ўзбекистонда мазкур маҳсулот ишқибозлари кўпчиликни ташкил этса ҳам, ҳозиргача мамлакатда уни саноат миқёсида ишлаб чиқариш учун йирик хўжаликлар йўқ эди.

«Baxt Imkon Rivoj Chorvasi» вилоятдаги энг муваффақиятли фермер хўжаликларидан бири саналади. У 2006 йилда Олтинкўл шаҳарчасидаги эски ферма базасида ташкил этилган бўлиб, ўз фаолиятини 380 бош қорамол билан бошлаган.