Тошкентда 26 апрель куни Ўзбекистоннинг биринчи гроссмейстери Георгий Аъзамов хотирасига бағишлаб 10-бор ташкил этилган шахмат бўйича Tashkent Open халқаро турнири якунланди. ЎзА хабарига кўра, ақл муҳорабасида турли мамлакатлардан 100 нафардан зиёд спортчи иштирок этди.

Биринчи ва иккинчи ўринларни халқаро гроссмейстерлар Фаррух Амонатов (2602, Тожикистон) ва Рауф Мамедов (2650, Озарбайжон)нинг ҳар иккиси 7,5 балл тўплаган ҳолда бўлишиб олди. Қўшимча кўрсаткич бўйича Тожикистон вакили ғолиб бўлди. Бу Амонатовнинг Tashkent Open`даги учинчи муваффақияти ҳисобланади — 2008 йилда у биринчи ўринни қўлга киритган бўлса, 2009 йилда — иккинчи, дея хабар қилди Sehrli Shahmat.

7 баллдан тўплаган икки қатнашчи орасида қўшимча кўрсаткичлар билан халқаро гроссмейстер Александр Зубарев (2546, Украина) учинчи ўринни банд этган бўлса, ФИДЕ устаси, Ўзбекистон миллий гроссмейстери Алишер Рустамов (2210) тўртинчи поғонага кўтарила олди.

Шунингдек, Маҳмуд Лодхи (2316, Покистон), Одил Раҳмон (2295) ва Баҳодир Холмирзаев (2345, ҳар иккиси — Ўзбекистон), Муртас Кажгалеев (2570, Қозоғистон) — барчаси 6,5 баллдан тўплаган ҳолда асосий совриндорлар қаторидан ўрин олган бўлса, Жаҳонгир Воҳидов, Алексей Барсов, Улуғбек Тиллаев ва Бобур Саттаров — 6 баллдан тўплашди (барчаси — Ўзбекистон).

6,5 баллдан тўплаган Нодирбек Ёқуббоев ва Гулруҳбегим Тоҳиржонова (Ўзбекистон) ўсмирлар ва аёллар ўртасида совриндорлар сифатида эътироф этилди. Фахрийлар ўртасида эса Акрам Тошжўжаев (2162, Ўзбекистон) биринчи бўлди.