27 апрель куни «Ўзэкспомарказ»да Тошкент ихтисослаштирилган «Спорт дунёси-2016» кўргазмаси очилди. У 3о апрелга қадар давом этади, дея хабар қилди ташкилий қўмита «Газета.uz»га.

Умумий майдони 600 кв. метрни ташкил этган, иштирокчилар сони эса 30 та миллий компаниядан ошадиган кўргазма мавзуси қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади: спорт жиҳозлари ва инвентарь, спорт либослари, оёқ кийим ва аксессуарлар.

Экспонатлар орасида — спорт ареналари, спорт майдончалари учун қопламалар, спорт инвентарлари (тренажёрлар, штангалар, гантеллар), буюм-аслаҳалар (футбол, баскетбол, волейбол, теннис тўплари, бадминтон ва катта теннис учун ракеткалар, гимнастика ғовлари, ўриндиқлар, кўприкчалар, ҳалқа ва бошқалар), шунингдек, спорт маҳсулотлари (оёқ кийим, либос, трикотаж маҳсулотлари) ўрин олган.

Кўргазма ташкилотчилари: Маданият ва спорт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент ҳокимлари ҳамда «Ўзэкспомарказ». Спорт кўргазмаларини Ўзбекистон ҳудудларида ҳам ўтказиш режалаштирилмоқда.