Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши 27 апрель куни Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) томонидан «Ўзбекистонда олий таълим тизимини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш учун 42,2 млн АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилишини тасдиқлади. Бу ҳақда ЖБ матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа Ўзбекистонга улкан мақсадни амалга ошириш — XXI аср ўртасига қадар даромади ўртачадан юқори бўлган саноатлашган мамлакатлар қаторига киришда кўмак кўрсатади. Мазкур ўзгаришлар иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишда ўз тадбиркорлик сифатларидан фойдаланиши, унинг модернизацияси жараёнида катализаторлик вазифасини бажара олиши мумкин бўлган илғор кўникмаларга эга ишчи кучларни ривожлантиришни тақозо этади.

«Таълим инсон капиталининг фундаментал таркибий қисми саналади ва юқори сифатга эга таълим қашшоқлик даражасини камайтириш, самарадорликнинг ўсиши ва иқтисодий тараққиёт билан тўғридан-тўғри алоқадор ҳисобланади, — дея қайд этди ЖБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жунгхун Чо. — Жумладан, олий таълим инновацион ғоялар ишлаб чиқилиши, янги технологиялар ривожи ва жорий этилиши, шунингдек, иқтисодий ривожланган давлат мақсадларига жавоб берадиган битирувчиларни тайёрлаш нуқтаи назаридан ўта муҳим саналади».

Лойиҳа Ўзбекистон олий таълим тизимида бошқарув салоҳиятини кучайтириш, шунингдек, меҳнат бозори ҳамда қатор ОТМларда таълимий муҳитни замонавийлаштириш нуқтаи назаридан долзарбликни оширишга йўналтирилган. 2016 йилдан 2023 йилгача бўлган муддатда лойиҳани амалга ошириш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул ҳисобланади, ЖБ эса техник кўмак кўрсатади.

Лойиҳа қуйидагиларга йўналтирилган тўрт қисмдан ташкил топган:

  • олий таълим бошқарувини кучайтириш;
  • олий таълим муассасаларида таълим муҳитини яхшилаш;
  • олий таълимнинг долзаблилигини ошириш (бунинг учун ОЎМТВ қошида инновацион ғояларни молиявий кўмак кўрсатувчи Академик инновацияларни қўллаб-қувватлаш танлов жамғармаси ташкил этилади);
  • лойиҳа, мониторинг ва баҳолаш (жумладан, техник ҳамкорлик ва ахборот кўмаги бўйича молиявий ишлар).

Ўзбекистон Жаҳон банкига 1992 йилда аъзо бўлган. ЖБнинг мамлакатдаги миссияси иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, инфратузилмалар ва ижтимоий секторни модернизация қилиш, шунингдек, ҳукумат ва аҳолига билим ҳамда тажрибаларни тақдим этиш йўли билан аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга йўналтирилган. ЖБнинг Ўзбекистондаги жорий мажбуриятлари миқдори 2 млрд АҚШ доллари атрофидаги ташкил этади.