Vision Carе халқаро ташкилоти (Корея Республикаси) шифокор-офтальмологлари Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Зарурат туғилган беморларда жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда, дея хабар қилди ЎзА.

Вобкентлик 72 ёшли Ахтам Хожиевга ўтган йили шифокорлар тавсиясига кўра сунъий кўз гавҳари қўйилган эди. «Энди иккинчи кўзимда ҳам жарроҳлик амалиёти ўтказишди. Ҳозир яхши кўраяпман», — дейди у. 

Лойиҳа «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси томонидан амалга оширилмоқда. Ўтган йили худди шу клиникада Бухоро ва Навоий вилоятлари аҳолисининг тиббий кўриги ташкил этилиб, 93 нафар бемор устидан жарроҳлик амалиёти ўтказилган эди.