Ўтган шанба куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги «Дилшод Агроимпекс» фермер хўжалиги ҳудудида Халқаро Ер куни (22 апрель) муносабати билан пистазор ташкил этилди.

Маросим Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан Тошкент вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда ҳомий-компаниялар билан ҳамкорликда Қурғоқчил ерларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро марказининг Марказий Осиё мамлакатларининг Ер ресурсларини бошқариш бўйича Ташаббуси (II фаза) «Билимларни бошқариш» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Адир ва тоғолди ҳудудлардаги лалми ерлардан асосан дон ва ёғ берадиган ўсимликлар экиш ҳамда яйлов сифатида фойдаланилади, дея маълумот беради Тошкент вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ахборот хизмати. Мазкур ҳудудларнинг ёғингарчиликларга қарам экани ҳар доим ҳам юқори ҳосил олишга имкон туғдирмайди. Чорва молларининг тизимсиз боқилиши эса ерларнинг экологик-мелиоратив ҳолатига салбий таъсир кўрсатади.

Шу муносабат билан иқлим ўзгариши шароитида фермер хўжаликларига даромад келтириши мумкин бўлган муқобил қишлоқ хўжалиги усулларини топиш ва амалиётга жорий этиш, шунингдек, қурғоқчил ерлар экотизими ҳолатини келгусида барқарор фойдаланиш учун қайта тиклаш муҳим аҳамият касб этади.

Қайд этилган шартларга жавоб берувчи муқобил усул сифатида кучли илдиз тизимига эгалиги билан тупроқ қатламларини ҳимоя қилувчи ва сув сақловчи ролини бажарувчи пистазорларни ташкил этишни кўриб чиқиш мумкин. Бундан ташқари, писта — юқори калорияга эга парҳез маҳсулот ҳисобланади.

Марказий Осиё тоғолди ҳудудлари писта дарахтининг ватани ҳисобланади. Уни плантация услубида етиштириш нафақат табиатни асраш, балки яхшигина даромад олиш манбаи ҳам ҳисобланади. Писта маҳаллий шароитга чидамли дарахт бўлиб, қуруқлик ва паст ҳароратга дош бера олади.

Фото