Ўзбекистонда паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори оширилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 223-моддасига ўзгартиш киритган қонун Президент томонидан 25 апрель куни имзоланди.

Шу кундан бошлаб паспорти бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши, шунингдек, паспортни бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жаримага тортилишига сабаб бўлади (аввал — ЭКИҲнинг бир бараваридан уч бараваригача эди). Худди шу қоидабузарлик маъмурий жавобгарлик қўлланилганидан сўнг бир йил ичида қайта содир этилса, жарима миқдори ЭКИҲнинг беш баравари миқдорида оширилади.

Паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахсларнинг фуқароларнинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан ёхуд вақтинча ёки доимий пропискасиз, турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшашига йўл қўйиши, худди шунингдек фуқароларнинг ўз турар жойларида паспортсиз, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйиши ЭКИҲнинг 10 баравари миқдорида жаримага тортилишига сабаб бўлади (аввал — ЭКИҲнинг 3 бараваридан 10 бараваригача эди). Худди шу қоидабузарлик маъмурий жавобгарлик қўлланилганидан сўнг бир йил ичида қайта содир этилса, жарима миқдори ЭКИҲнинг 15 баравари миқдорида оширилади.

Кодекс, шунингдек, 223-1-"Паспортдан ноқонуний фойдаланиш", 223-2-"Ишга қабул қилишда паспорт тизими қоидаларини бузиш" ва 223-3-"Фуқаролардан паспортларини қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёки уларнинг паспортларини гаровга олиш" моддалари билан тўлдирилди.

Фуқароларнинг йўқолганлиги тўғрисида ўзлари ариза берган ўз паспортларидан, шунингдек бошқа фуқароларга тегишли паспортлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши ЭКИҲнинг10 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади

паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан ёхуд вақтинча ёки доимий пропискасиз, турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаётган фуқароларни ишга қабул қилиш мансабдор шахсларнинг энг кам иш ҳақининг 10 дан 15 бараваригача жаримага тортилишига сабаб бўлади. Худди шу қоидабузарлик жарима қўлланилгандан сўнг бир йил ичида қайта содир этилса, мансабдор шахслар ЭКИҲнинг 20 баравари миқдорида жаримага тортилади.

фуқаролардан паспортларини қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёки уларнинг паспортларини гаровга олиш мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 10 дан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.