Ўзбекистон ташқи ишлар Вазири Абдулазиз Камилов 27 апрель куни Корея Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ли Ук Ҳонни қабул қилди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати. Учрашув Элчининг дипломатик миссияси якунланаётганлиги муносабати билан ўтказилди.

Суҳбат давомида узоқ муддатли манфаатлар ва стратегик шерикчиликка асосланган Ўзбекистон-Жанубий Корея муносабатлари ўзаро фойдали ва самарали тусга эга эканлиги таъкидланди. Томонлар турли соҳалардаги яқин ҳамкорлик қилишда катта тажриба орттирдилар. Ҳозирги кунда икки томон кун тартиби сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда, шунингдек халқаро саҳнада ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўз ичига олади.

Вазир Элчини Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни кенгайтиришга шахсан қўшган салмоқли ҳиссаси учун Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Фахрий доктори даражаси берилиши билан табриклади.

Ўз навбатида Элчи Ли Ук Ҳон Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонанинг раҳбари сифатида муваффақиятли фаолият юритишга яратилган шарт-шароитлар учун миннатдорчилик билдирди.