Пойтахтда ўтказилаётган Осиё чемпионати доирасида Осиё оғир атлетика федерацияси раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Туркманистон ва Тожикистон вакиллари иштирокидаги йиғилишда Марказий Осиё оғир атлетика федерацияси ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Осиё оғир атлетика федерацияси бош котиби Муҳаммад Ҳасан Жолуд ҳамда Осиё оғир атлетика федерациясининг вице-президенти доктор Абдуллоҳ Ал Жармал олиб борган йиғилишда Марказий осиё оғир атлетика федерациясини ташкил этиш масаласи бир овоздан маъқулланди.
Янги ташкил этилган Марказий оғир атлетика федерациясига Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси биринчи вице-президенти Шахрулло Махмудов раҳбар қилиб тайинланди.
Федерация бош котиби лавозимига Омар Мустафин (Қозоғистон), вице-президент лавозимларига эса Омуржан Молдодосов (Қирғизистон), Башим Агабаев (Туркманистон), Шариф Давлатов (Тожикистон) тайинландилар.
Йиғилиш қарорига кўра Марказий осиё оғир атлетика федерациясининг қароргоҳи Тошкент шаҳрида (Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг ҳозирги юридик манзилида) жойлашади.