Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва БМТнинг Тараққиёт дастури жума куни зилзилага тайёрлаш масалаларида аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича семинар ўтказди.

ФВВнинг Фуқаро муҳофазаси институтида бўлиб ўтган семинар 1966 йилги Тошкент зилзиласининг 50 йиллигига бағишлаб ташкил этилди. Унда Фанлар Академияси Сейсмология институти, Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси, ФВВ ва бошқа маҳкамаларнинг мутахассислари сўзга чиқди.

Мутахассислар зилзила табиати, Ўзбекистонда сейсмология институтининг шаклланиш тарихи, қурилиш саноатида биноларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш бўйича замонавий имкониятлар, шунингдек, аҳолининг эҳтимолий табиий офатларга тайёргарлигини ошириш ишлари тўғрисида нутқ сўзлашди.

Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари полковник Комилжон Ариповнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ҳукумати аҳоли, бино ва иншоотлар таъминлаш бўйича қўшимча комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш вазифасини топширди. Вазирлик ва маҳкамаларнинг 40 нафар мутахассиси иштирокида Республика ҳудуди ва аҳолининг зилзила вақтида ҳаракат қилиш тайёргарлигини ошириш бўйича келгусидаги чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади.

Айни пайтда дастур мувофиқлаштириш жараёнининг сўнгги босқичида бўлиб, унинг молиялаштирилиши масаласи муҳокама қилинмоқда. Ҳукумат тасдиғидан ўтганидан сўнг аниқ йўналишлар бўйича ишлар бошланади. Дастурда республикадаги барча бино ва иншоотларнинг зилзилага бардошлилиги текширувдан ўтказилиб, паспортлаштирилиши белгиланган. Мазкур кенг миқёсли лойиҳани амалга ошириш биноларнинг сейсмик силкинишларга чидамлилигини баҳолашга имкон беради. Ишларнинг кейинги босқичида гуруҳлар «Сейсмологик хавфсизлик тўғрисида»ги қонунни тайёрлайди.

«ТошуйжойЛИТИ» илмий тадқиқот ва лойиҳа-қидирув институтининг зилзилабардош қурилиш бўлими бошлиғи академик Шомил Ҳакимовнинг таъкидлашича, Марказий Осиёнинг 40 фоиз қишлоқ аҳолиси сейсмологик хавфли биноларда истиқомат қилади. Асосий сабаб — уйларнинг энг оддий антисейсмик чораларни кўрмасдан қурилишидадир. Бунга эса аҳолининг қурилиш меъёрлари ва қоидалари, зилзилага бардошли биноларни қуриш тўғрисидаги маълумотларга эга эмаслиги бошқалар сабаб бўлмоқда.

Айнан индивидуал бунёд этилган қишлоқ уйлари сейсмик фаолликка чидамсиз иншоотлар ҳисобланади. Бироқ вазият босқичма-босқич яхшиланиб бормоқда. 2009-2014 йилларда Ўзбекистон бўйлаб намунавий лойиҳа асосида сейсмологик хавфсизлик меъёрларига жавоб берадиган 44 мингдан зиёд замонавий қишлоқ уйлари бунёд этилди.