РИА Новости — Қуёш батареяларида ҳаракатланувчи Solar Impulse 2 самолёти Гавайяга мажбурий қўнишни амалга оширгандан тўққиз ой ўтиб дунё бўйлаб парвозини қайтадан бошлади, дея хабар берди лойиҳани ишлаб чиққан жамоа пайшанба куни.

Фақатгина қуёш энергиясидан фойдаланиб парвоз қиладиган Solar Impulse 2 дунё бўйлаб саёҳатга 2015 йилнинг 9 мартида Абу-Дабидан йўлга чиққан эди. У шу вақтга қадар Уммон (Маскат), Ҳиндистон (Варанаси), Мьянма (Мандалай), Хитой (Чунцин ва Нанкин) ва Япония (Нагоя)да бўлди.

3 июль куни самолёт 120 соатдан зиёд вақт мобайнида тўхтовсиз парвоз қилган ҳолда ҳавода тўхталишларсиз энг узоқ муддат бўлиш рекордини ўрнатиб, Гавайя оролига етиб келди. Айни шу вақтда батареялар қизиб кетиб, ишдан чиқди.

Таъмирлаш вақтида самолёт учувчилари Андре Боршберг ва Бертран Пикар Европага қайтиб, лойиҳани молиялаштириш учун манба қидирди. АҚШга учиб борадиган ҳаво кемаси Атлантика океанини кесиб ўтади ва Жанубий Европа ёки Шимолий Африкада тўхтаб, Абу-Дабига қайтади.

Solar Impulse 2 2014 йил июнида муваффақиятли тарзда синовдан ўтди. Ҳаво кемасининг жами оғирлиги 2,3 тоннани ташкил этади, самолёт қанотларининг узунлиги — 72 м бўлиб, унга учиш ускунасининг электромоторларини энергия билан таъминлаши учун 17,2 минг дона қуёш батареяси ўрнатилган. Самолётнинг энг юқори тезлиги 140 км/соатни ташкил этади.