Тошкентда 9- ва 13-трамвай йўналишларини бекор қилиш режаси амалга ошмади. Чоршанба куни трамвайлар яна йўлга чиқди.

«Тошкент трамвайи»дагиларнинг «Газета.uz»га хабар қилишича, йўналишлар фаолияти икки кунга узайтирилди, бироқ мазкур муддат ўзгариши мумкин.

Икки йўналиш ёпилиши кутилган 19 апрель куни вагонлар йўловчилар билан лиқ тўлди. Мухбиримиз трамвайда сўнгги бор сайр қилиш учун фарзандлари билан атайин унга чиққанларга ҳам гувоҳ бўлди.

Кондукторлар эса гоҳида сўнгги бекатга қадар бориб, ортга қайтган йўловчилардан йўл кира олмади.