Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Тошкентдан Бухорога тезюрар поезднинг доимий ҳаракати йўлга қўйилади. Бу ҳақда сешанба куни бош вазир Шавкат Мирзиёев Қандим газни қайта ишлаш заводи қурилиши бошланишига бағишланган маросимда маълум қилди.

«Энг замонавий „Тошкент-Бухоро“ тезюрар поездининг 25 августда ишга туширилишига жуда жиддий тайёргарлик кўрилмоқда», — дея қайд этди ҳукумат раҳбари. Тармоқнинг ўзи эса 20 августда очилиши режалаштирилган, дея қўшимча қилди у.

Ўтган кузда «Ўзбекистон темир йўллари» Испаниянинг Patentes Talgo компанияси билан икки дона сиғими оширилган тезюрар Talgo поездини етказиб бериш бўйича шартномани имзолаган эди. «Тошкент-Самарқанд-Қарши» йўналишида аввалдан фойдаланиб келинаётган икки поездан фарқли равишда, янги таркиблар биттадан қўшимча йўловчи вагонига эга (ҳар бири 10 та вагон, жумладан, вагон-ресторандан)

Қиймати 400 миллион доллар атрофида бўлган «Самарқанд-Бухоро» темир йўл участкасини электрлаштириш лойиҳаси 2015 йилдан буён «Ўзбекистон темир йўллари» томонидан амалга ошириб келинмоқда. Тезюрар поезднинг ишга туширилиши пойтахтдан Бухорогача бўлган йўлга сарфланадиган вақтни қисқартиришга имкон беради (ҳозирда бунинг учун етти-саккиз соатни ташкил этади). Келгусида тезюрар тармоқ Урганчга қадар давом этади.