Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси солиқ органларининг электрон хизматлар портали (my.soliq.uz) ишга тушганини маълум қилди, дея хабар бермоқда ДСҚ матбуот хизмати.

«Электрон солиқ хизматлари» порталидан кўзланган мақсад — давлат солиқ хизмати органлари томонидан аҳоли ва бизнесга кўрсатиладиган электрон давлат хизматларини такомиллаштириш, уларнинг харажатларни камайтириш ҳамда солиқ тўловчиларга хизматлардан фойдаланишда қўшимча қулайликлар яратишдан иборат.

Порталда мурожаат ва ҳисоботларни юбориш, рўйхатга олиш, солиқларни ҳисоблаш ҳамда маълумотномалар олиш каби хизматлар мавжуд (жами 26 та хизмат тури). Тест режимида ишлаётган хизматлар алоҳида ажратилган (бундай хизматлар сони 10 та). Алоҳида хизматлардан фойдаланиш учун рақамли электрон имзонинг бўлиши талаб этилади.

Барча тоифадаги солиқ тўловчилар, жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар учун алоҳида шахсий кабинетларнинг жорий этилгани муҳим янгиликлардан бири бўлди. Шахсий кабинетга кирганда бюджет ҳамда бюджетдан ташқари актуал жорий маълумотлар, солиқ органлари билан ёзишмалар тақдим этилади

Солиқ тўловчилар ҳар бир хизматга баҳо бериши ва уларга ўз муносабатини билдириши мумкин. Бу эса солиқ органларига фуқаролар фикрини ўрганиш, илгари сурилган таклиф ва эътирозлар зудлик билан ўрганиб чиқиш имконини беради.

Бир ой давомида электрон солиқ хизматларидан ҳам янги портал, ҳам ДСҚнинг амалдаги сайти орқали фойдаланиш мумкин.