24-30 апрель кунлари Тошкентда оғир атлетика бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилади. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Қитъа чемпионатида 32 давлатдан келган 500 нафардан зиёд атлетлар жами 15 вазн тоифасида (8 та — эркаклар ва 7 та — аёллар) совринли ўринлари ҳамда Бразилияда ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун баҳс юритадилар.

22 апрель куни Ўзбекистон пойтахтида Осиё оғир атлетика федерациясининг ижроий қўмита йиғилиши, 23 апрель санасида эса Осиё оғир атлетика федерациясининг Конгресси ўтказилади.

Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси тўлиқ таркибда иштирок этади. Эркаклар терма жамоаси Рио-2016 ўйинларига йўлланмаларни (5 та) нақд қилиб қўйгани боис, ушбу чемпионатда Олимпиаданинг лицензиялари учун аёллар терма жамоаси кураш олиб боради.

Осиё чемпионатида ўзбекистонлик спортчилар рўйхати

  • Эркаклар терма жамоаси: Адҳам Эргашев (-62 кг), Достон Ёқубов (-69 кг), Улуғбек Алимов ва Муҳаммад Бегалиев (-85 кг), Сардор Дўстмуродов ва Иван Ефремов (-105 кг), Руслан Нурудинов ва Рустам Жангабаев (+105 кг). Захирада — Фарҳод Собиров (-94 кг). Терма жамоа бош мураббийи — Баҳром Абдумаликов.
  • Хотин-қизлар терма жамоаси — Марина Сисоева (-53 кг), Лола Қодирова (-58 кг), Муаттар Набиева (-63 кг), Гулноза Ахмедова (-69 кг), Дина Тожиева ва Манзура Мамасолиева (-75 кг), Омадой Отақўзиева (+75 кг). Терма жамоа бош мураббийи — Баҳром Мендибоев. Мураббий — Маҳмуд Тоғаев.