Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Эквадор Президенти Рафаэл Виценте Корреа Делгадога мамлакатнинг шимолий-ғарбий соҳилидаги талофатли зилзила натижасида кўп сонли инсонларнинг ҳалок бўлиши ва вайронгарчиликка олиб келиши муносабати билан самимий таъзия билдирди.

ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига, шунингдек жабрланганларга ҳамдардлик билдирди.

16 апрель тунида Эквадорда 7,8 магнитудали ер ости силкинишлари қайд этилган эди. Зилзила натижасида турар жой бинолари, меҳмонхона ва бошқа бинолар вайрон бўлди. Қурбон бўлганлар сони 400 нафардан ошди, 300 дан зиёдроқ киши бедарак йўқолган деб эълон қилинди.