Пойтахтда бўлиб ўтган ўзбек-корейс IT-форумида Жанубий Корея тадбиркор ва илмий доиралари ҳамда Ўзбекистон IT-бизнес ва давлат ташкилотлари вакиллари ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш масалаларини муҳокама этди. Тадбир душанба куни Тошкентдаги Инҳа университетида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида ташкиллаштирилди. Форумни ўтказишда LG CNS, Samsung ва КТ компаниялари ҳам ўз кўмагини кўрсатди.

Корейс делегациясига бир неча йиллар давомида Корея Республикаси Ахборот ва коммуникация вазирлигини бошқарган, узоқ йиллар Samsung Electronics раҳбари лавозимида фаолият кўрсатган SkyLake Investments ижрочи директори ва раиси Чин Теже раҳбарлик қилди. Делегация таркибидан LG корпорацияси маслаҳатчиси, Корея тадқиқот фонди ва Нано технологиялар соҳасида тадқиқот ассоциацияси раиси Хи Гук Ли, Сеул миллий университети ҳамда Похан илм-фан ва технологиялар университети профессори Санг Кюн Кван ҳам ўрин олди.

«Ўзбекистон замонавий технологияларни жамият ҳаётига кенг тадбиқ этиш бўйича жараённи фаоллаштирди, — дея таъкидлади Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Хуршид Мирзоҳидов. — Мамлакатимиз қисқа муддат ичида давлат ташкилотлари, аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида янги даражадаги алоқаларни жорий этишга имкон берадиган ишончли „Электрон ҳукумат“ инфратузилмасини яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди».

Ҳукумат 2020 йилгача бўлган муддатда алоқа инфратузилмаларини ривожлантириш (17 лойиҳа), шунингдек, «Э-ҳукумат» тизимини яратиш (28 лойиҳа)ни ўз ичига олган Ўзбекистон Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш Комплекс дастурини амалга оширмоқда.

АКТ соҳасида ҳамкорлик Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги стратегик муносабатларнинг асосий йўналишларидан ҳисобланади, дея қайд этди вазир. 2014 йилда Тошкентдаги Инҳа университети очилган бўлса, ўтган йили «Э-ҳукумат» ҳамда иқтисодиётнинг реал сектори учун ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш бўйича LG CNS Uzbekistan ҚК иш бошлади.

Бизнес вакиллари иштирокида ўтган форумнинг биринчи сессиясида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида АКТ ва IT-мутахассисларни тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Асосий эътибор бизнес ва таълим муассасаларининг самарали алоқалари масаласига қаратилди. Ўзбекистоннинг дастурий таъминотларни ишлаб чиқиш бўйича тажрибаси тўғрисида LG CNS Uzbekistan ўзбек-корейс қўшма корхонаси директори ўринбосари Жи Вук Ким сўзлаб берди.

Ўзбекистоннинг давлат ва хўжалик бошқарувидаги ташкилотлари вакиллари иштирокидаги алоҳида сессияда эса мамлакатда АКТни ривожлантириш, миллий иқтисодиёт учун АКТнинг аҳамияти ва венчур жамғармаларининг ташкил этилишига оид масалалар кўриб чиқилди. Иштирокчилар Корея Республикасида АКТ ривожининг босқичлари билан танишиб, жаҳон IT-бозоридаги етакчи компанияларнинг технологик ва бизнес-трендларини муҳокама қилди.

Форум доирасида Тошкентдаги Инҳа университети, Ўзбекистон ва Корея Республикаси бизнеси вакиллари ОТМ қошида Консультатив кенгаш ташкил этиш бўйича ўзаро тушуниш тўғрисидаги меморандумни имзолади. Кенгаш университетга кўплаб соҳалар, жумладан, тадқиқотлар, техник лойиҳалар, молиявий кўмак ва инвестицион лойиҳалар бўйича маслаҳат ва тавсияларни беради. Кенгаш аъзолари, шунингдек, университетга таълим сифатини ошириш ва дунё талаблари даражасидаги таълимий муҳитни шакллантиришда ёрдам кўрсатади.