«Тошкент» вокзалидан йўлга отланадиган иккита трамвай йўналиши 20 апрелдан ўз фаолиятини тўхтатади. Улар: 9- («Чиланзор-26» мавзесига қадар боради) ҳамда 13- («Қўйлиқ марказ») йўналишлардир. Бу ҳақда «Газета.uz»га трамвай ҳайдовчилари хабар қилди, маълумотни «Тошкент трамвайи»дагилар ҳам тасдиқлади.

Дастлабки маълумотларга кўра, қолган икки йўналиш — 8 («Бешқайрағоч» мавзеси — «Оқтепа» майдони) ва 17 («Бешқайрағоч» мавзеси — «Ипподром») апрель охирига қадар фаолиятини давом эттиради, эҳтимол, улар майда ҳам ишлаши мумкин.

Вагонлар ва охирги бекатларда йўналишларнинг тугатилиши ҳақидаги эълонлар мавжуд эмас. Йўналишларнинг аниқ қайси муддатда ёпилишини на ҳайдовчилар, на диспечерлар билади, «Тошкент трамвайи» вакиллари ҳам бу ҳақда аниқ маълумотга эга эмас.

12 апрелдан иккита трамвай йўналиши — 12 («Бешқайрағоч» мавзеси — «Беруний» метроси) ва 26 («Қўйлиқ-6» мавзеси — «Тошкент» вокзали) ўз фаолиятини тўхтатди.

Шаҳар ҳукумати трамвай йўналишларини худди шу рақамдаги автобуслар билан алмаштиришни режалаштирмоқда — Т9, Т13 ваҳоказо. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, сентябрь охирига қадар олти трамвай йўналишининг ҳар бирига 10 дан 18 тага қадар машинани ҳисобга олган ҳолда жами 80 дона Isuzu автобуси сотиб олиниши лозим.