Тошкентда ўтказилган дзюдо бўйича Осиё чемпионатининг учинчи якунловчи кунида жамоавий беллашувлар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бешинчи ўринни банд этган бўлса, эркаклар жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди ва мусобақадаги ягона олтин медалга сазовор бўлди. Мазкур медаль ўзбекистонликлар учун жамоавий беллашувлар тарихидаги биринчиси ҳам ҳисобланади, дея хабар қилди мамлакат Дзюдо федерацияси.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси финал қисмида бронза медали учун кучли жамоа — Қозоғистон термаси билан юзма-юз келди. 52 кг гача бўлган вазн тоифасида ўтказилган биринчи баҳсда Гулнур Сулаймонова Ленария Мингазовадан мағлубиятга учради. Омонгул Алланазарова (57 кг) Анна Казюлинадан устун келиб ҳисобни тўғирлади. Учинчи яккама-яккаликда ўзбекистонлик дзюдочи Муҳайё Ибрагимова (63 кг) Мариан Урдабаевадан мағлуб бўлди. Тўртинчи баҳсда Ўзбекистоннинг энг тажрибали дзюдочиларидан бири, шахсий ҳисобда Осиё чемпионати бронза медали соҳибаси Гулноза Матниёзова Дилбар Умиралиевани енгиб, мувозанатни тиклади. Ҳал қилувчи беллашувда эса Кумуш Йўлдошева (70 кг) Гулжан Иссановага имкониятни бой берди (2:3). Натижада Қозоғистон аёллар жамоаси бронза медалига сазовор бўлди, Ўзбекистон термаси эса бешинчи ўринда қолди.

Эркаклар жамоасининг рақиби қитъанинг энг кучли жамоаларидан бири — Мўғилистон термаси бўлди. Биринчи беллашувда Шарофиддин Лутфиллаев (66 кг) Тумурхулега Даваадоржа устидан иппон билан ғалаба қозонди. Мирали Шарипов (73 кг) эса Одбаяр Ганбаатарни мағлуб этди. Учинчи беллашувда Яҳё Имомов (81 кг) Дагвасурен Нямсуренни енгиб, ғалабани нақт қилди. Ҳисоб — 3:0, бу эса ўзбекистонликларнинг ғалабаси кафолатланганини англатади. Тўртинчи қарама-қаршиликда Дилшод Чориев (90 кг) Отгонбаатар Лкхгвасурендан мағлубиятга учради. Абдулла Тангриев (90 кг) эса Тувшинбаяр Найданга имконият қолдирмади. Якуний ҳисоб — 4:1 Ўзбекистон жамоаси фойдасига.

«Афсуски, кўплаб дўстларимиз жароҳат олган: Ришод Собиров, Шаҳзод Собиров, Шерали Жўраев, — деди Ўзбекистон дзюдо федерацияси раҳбари Армен Багдасаров. — Бироқ бу жамоага ҳақиқий курашчи феъл-атворини намоён этиш ва жамоавий баҳсларда илк бор „олтин“ олишга халал бермади».