Ўзбекистон Президентининг 8 апрелдаги қарорига биноан, «Ўзбекозиқовқатзахира» ассоциацияси мева ва сабзавот маҳсулотларини тайёрлаш ва омборхоналарда сақлаш билан шуғулланувчи корхоналарнинг «Ўзбекозиқовқатзахира» ассоциациясига айлантирилди.

Янги тузилма мамлакатнинг барча минтақаларидаги мева ва сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни сотиб олиш, сақлаш ва етказиш билан машғул бўлган 47 корхонани бирлаштиради.

Ҳужжат(PDF)да ассоциацияни қайта ташкил этишдан мақсад ички истеъмол бозорини, биринчи навбатда қиш-баҳорги мавсумда кўрсатиб ўтилган маҳсулотлар билан барқарор таъминлаш учун уларни тайёрлаш ва омборхоналарда сақлаш тизимларини такомиллаштириш, замонавий сақлаш технологияларини жорий этиш йўли билан маҳсулотлар йўқотилиши даражасини қисқартириш, шунингдек, омборхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналар моддий-техник базасини ривожлантиришдан иборат экани кўрсатиб ўтилган.

«Ўзбекозиқовқатзахира» фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда агрофирмалар билан қиш-баҳорги мавсумда ички бозорни барқарор таъминлаш ва нархларни бир мувозанатда ушлаш мақсадида ғамлаш ва сақлаш учун янги маҳсулотларни сотиб олиш бўйича шартномалар имзолайди.

Ассоциациянинг бошқа вазифалари қаторидан маҳсулотларни сотиб олиш ва етказишда замонавий логистика тизимларини кенг жорий этиш, унинг таркибига кирувчи корхоналарни ривожлантиришга инвестицияларни жалб этиш, шаҳарларда янги маҳсулотларни сотиш бўйича ярмарка нуқталарини ўтказиш, шунингдек, узоқ туманлардаги аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик озиқ-овқат маҳсулотлари билан ишончли ва узлуксиз таъминлаш ҳам ўрин олган.

Бундан аввалроқ 2016 йилги ҳосилдан бошлаб Ўзбекистонда янги мева ва сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни сотиб олишга давлат буюртмаси жорий этилгани хабар қилинган эди. Янги маҳсулотларни келгусида саноат даражасида қайта ишлаш учун сотиб олиш февралда ташкил этилган «Ўзбекозиқовқатхолдинг», қиш-баҳорги мавсум учун маҳсулотлар ғамлаш — «Ўзбекозиқовқатзахира», экспорт — яқинда ташкил этилган ихтисослаштирилган «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компанияси томонидан амалга оширилади.