15 апрель куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида халқаро (ер усти) транспорт алоқаларини ривожлантириш ва ягона транспорт дипломатиясини илгари суриш масалалари бўйича Идоралараро ишчи гуруҳнинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, тадбирда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги, Ўзбекистон Халқаро автомобилда юк ташувчилар уюшмаси, «Ўздавтемирйўлназорат» давлат инспекцияси ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг экспертлари иштирок этдилар.

Йиғилишда халқаро юк ўтказмаларини ривожлантириш, мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини ошириш имкониятлари ва мазкур соҳада халқаро шартномаларни, жумладан Марказий Осиё ва Форс кўрфази давлатлари ўртасида транспорт коридорини ташкил қилиш кўзда тутилган, 2011-йил 25-апрелда Ашхобод шаҳрида Эрон Ислом Республикаси, Уммон Султонлиги, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида имзоланган Ашхобод битимини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.