Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда 167,4 минг киши иш билан таъминланди. Унинг 49,2 минги янги иш ўринлари ҳисобига тўғри келади. Бу ҳақда шанба куни ўтказилган Меҳнат вазирлиги йиғилишида маълум қилинди.

Янги иш ўринлари энг кўп саноат соҳаси ҳиссасига тўғри келди — 12,9 мингта, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида — 11,0 мингта, қишлоқ хўжалигида — 6,2 мингта, қурилишда — 9,7 мингта, ижтимоий инфраструктурада — 5,2 мингта ва ишламасдан турган корхоналарни тиклаш ҳисобига — 4,2 мингта.

Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳрида энг кўп ишга жойлашиш қайд этилган — мос равишда 19,9 минг ва 19,5 мингта. Самарқанд вилоятида мазкур рақам 16,3 минг, Тошкент вилоятида — 15,6 минг, Қашқадарё — 15 минг, Андижон — 14,5 минг ва Наманганда — 12,8 мингтани ташкил этди.

Биринчи чоракда хусусий тадбиркорлик соҳасида 32,7 минг кишининг иш билан таъминланишига эришилди, кичик тадбиркорлик ва микрофирмаларда эса 29,5 минг. Шунингдек, касаначилик ҳисобига 25,8 минг киши, жумладан, хотин-қизлар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф қатламлари, шунингдек чет элдан қайтган меҳнат мигрантлари иш билан таъминланди.

Меҳнат вазирлиги йиғилишида тақдим этилган маълумотларга кўра, биринчи чоракда Бандликка кўмаклашиш марказлари (улар сони 193 та)га иш сўраб мурожаат этган 52,3 минг фуқаронинг ишга жойлаштирилишига кўмаклашилди. 31,5 минг фуқаро вақтинчалик бир марталик ишларга жалб қилинди.

Уч ой давомида меҳнат вазирлиги бўлинмалари мамлакат бўйлаб 312 маротаба бўш иш ўринлари ярмаркасини ташкил этиб, уларда 16,2 минг иш берувчилар вакиллари ва 59,2 минг иш қидираётган фуқаролар иштирок этди. Ярмаркалар натижасига кўра 12,9 минг киши ишга йўлланма олди, 31,7 минг фаол иш қидираётганларга меҳнат, бандлик ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатлар берилди.

Банд қилинган (квота) иш ўринларига 15,4 минг ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро жойлаштирилган бўлса, уларнинг 598 нафари ногирон,1000нафари қамоқдан озод этилганлардир.

Ўтган давр мобайнида 1800 ишсиз фуқаро меҳнат бозорида талаб қилинаётган касблар бўйича, 252 ишсиз «Устоз-шогирд» усулида миллий ҳунармандчиликка оид касблар бўйича ўқитилди ва ўргатилди.

Меҳнат вазирлиги Президентнинг 22 февралдаги қарори билан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги базасида ташкил этилди. Йиғилишда меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимовнингтаъкидлашича, қайта ташкил этиш аҳолини иш билан таъминлаш ва ушбу йўналишдаги ишларни янги сифатли босқичга олиб чиқишдан иборатдир.