Тошкентда ўтказилаётган дзюдо бўйича Осиё чемпионатининг иккинчи кунида Ўзбекистон спортчилари тўртта медални қўлга киритиб, улар сонини олтитага етказди.

Медаллар ҳисобини ўтган Осиё чемпионатининг кумуш медаль соҳибаси Гулноза Матниёзова (70 кг) очиб берди. Бу йил у амалдаги Осиё чемпиони монголиялик дзюдочи Наранжагал Тсендаюш билан кечган ҳал қилувчи баҳсда ғолиб чиқиб, бронза медалига сазовор бўлди.

Ўзбекистон ҳисобига иккинчи бронза медалини икки карра қитъа чемпиони Рамзиддин Саидов (100 кг) олиб келди. Учинчи ўрин учун бўлиб ўтган баҳсда у Эрон вакили Жавад Махжоуба устидан ғалаба қозонди.

Худди шу вазн тоифасида ўзбекистонликларнинг биринчи олтин медали қўлга киритилиши мумкин эди. Куннинг оғир ва драматик руҳда кечган беллашувида Тошкентдаги аввалги Гран-при ғолиби Соиб Қурбонов ҳамда Лондон Олимпиадаси кумуш медали совриндори, Монголия дзюдочиси Тувшинбаяр Найдан юзма-юз келди. Беш дақиқалик асосий вақт ғолибни аниқлаш учун етарли бўлмади ва қўшимча икки дақиқа берилди. Ҳакамларнинг оз сонли огоҳлантиришлари ғолибликнинг монгол дзюдочисида кетишича хизмат қилди.

Яна бир Ўзбекистон спортчиси ғолиблик шоҳсупасига чиқишда омадсизликка учради. Жорий йил Будапештда бўлиб ўтган Гран-при ғолиби Яхё Имомов бронза медали учун кечган баҳсда қозоғистонлик Азиз Калкаманулига имкониятни бой берди.

Куннинг энг сўнгги «олтин»и учун бўлиб ўтган финал учрашувида Ўзбекистон терма жамоасининг энг асосий спортчиларидан бири, икки карра Осиё чемпиони, 2008 йилги Олимпиада ўйинлари совриндори Абдулла Тангриев мусобақа дебюданти япониялик Кокоро Кагеурага қарши гиламга чиқди. Япон спортчиси баҳсда Тангриев устидан ғолиб чиқиб, уни «кумуш» билан қолдирди.