Ўзбекистон банкларининг умумий капитали ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 23 фоиздан кўпроққа ўсиб, 8 трлн сўмдан ошиб кетди. Бу ҳақда Марказий банкнинг кенгайтирилган бошқарув мажлисида маълум қилинди, дея хабар берди МБ матбуот хизмати.

Биринчи чорак якунларига кўра, банк активлари ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 25,4 фоизга ўсиб, 69,7 трлн сўмга етди.

Январь-март ойларида банклар иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирган кредитларнинг умумий ҳажми 44,1 трлн сўмни ташкил этди (+26,7%). Инвестицион кредитлар миқдори 2,7 трлн сўмни ташкил қилди (1,2 баробардан кўпроқ).

Кичик бизнес субъектларига тақдим этилган кредитлар миқдори 1,3 баробарга ўсиб, 3,6 трлн сўмни ташкил этди. Уларнинг 772,9 млрд сўми микрокредитлардан иборат (ўсиш — 1,3 баробар).

Аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кредитлар миқдори ҳам 1,3 баробарга ўсиб, 409,7 млрд сўмдан ошиб кетди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 63,4 млрд сўм миқдорида кредитлар ажратилди (ўсиш - 1,3 баробар).

Чорак якунларига кўра, банкларнинг жами депозитлари миқдори 27,6 фоиз ўсиб, 1 апрель ҳолатида 36,8 трлн сўмни ташкил этди. Пластик карточкалар сони 17,1 млн донадан ошиб, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларига ўрнатилган ҳисоб-китоб терминаллари миқдори эса 190,8 мингтага етди.

Мажлисда банклар томонидан мижозларга замонавий банк хизматларини кўрсатиш ва аҳолининг банкларга бўлган ишончини янада ошириш борасида мавжуд ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётган айрим тижорат банклари ҳамда уларнинг бўлим ва филиаллари фаолияти қаттиқ танқид қилинди.

Шунингдек, тижорат банклари фаолиятини халқаро стандартлар ва принципларга мувофиқ баҳолаш, тартибга солиш ҳамда назорат қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, банк хизматлари турларини янада кенгайтириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жадал тадбиқ этишнинг устувор вазифалари белгилаб олинди.