Пойтахтдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида жума куни дзюдо бўйича Осиё чемпионати бошланди. Тошкент спортнинг ушбу тури бўйича учинчи маротаба қитъа чемпионатига мезбонлик қилмоқда.

Чемпионатда 31 мамлакатдан спортчилар иштирок этмоқда. Ўзбекистон шарафини эса 18 вакил ҳимоя қилаяпти. Турнирда совринли ўринларни қўлга киритганлар Рио-де-Жанейрода ўтказиладиган Олимпиада-2016 да иштирок этиш учун рейтинг балларига эга бўлади.

Чемпионатнинг биринчи кунида эркаклар ўртасида 60 гача, 66 ва 73 кг, аёлларда — 48, 52, 57 ва 63 кг вазн тоифаларида еттита мукофотлар жамланмаси учун беллашилди.

Юқори поғоналарга энг кўп Қозоғистон вакиллари кўтарилди. Отгонцецег Галбадрах 48 кг гача вазн тоифасида ғолиб чиққан бўлса, Мария Урдабаева — 63 кг гача, эркаклар ўртасида эса Елдос Сметов 60 кг гача вазн тоифасида биринчи бўлди.

Яна бир қозоғистонлик дзюдочи Елдос Жумаканов (66 кг) бронза медалини қўлга киритган бўлса, ёшспортчи Дидар Хамза (73 кг) финалда япониялик рақибидан енгилиб, кумуш медаль соҳиби бўлди.

Айнан Елдос Сметов финал баҳсида ўзбекистонлик спортчи Диёрбек Ўрозбоевни енгиб, ғолибликни қўлга киритди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон терма жамоасида бир кумуш ва бир бронза медали мавжуд. Энг сўнггисини терма жамоага қозоғистонлик Дастан Якубаев билан якка баҳсда ғолиб чиқиш учун икки дақиқадан камроқ (1 дақиқа 51 сония) сарфлаган Мирали Шарипов олиб келди.

Аёллар ўртасида япониялик Анзу Ямомото ва Хитой вакили Тонг Хуа Лу ўртасида (57 кг) бронза медали учун кечган беллашув томошабинлар олқишларига сазовор бўлди. Япон дзюдочиси рақибини мағлуб этиши учун 25 сония сарфлади.