16 апрель куни Пекин шаҳрида ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов ва Арманистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эдвард Налбандян Арманистон Республикасига Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг мулоқот бўйича шериги мақомини тақдим этиш тўғрисидаги Меморандумни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

ШҲТ Котибиятида бўлиб ўтган маросим чоғида ташкилотга аъзо давлатлар димломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

ШҲТнинг 2008 йил 28 августдаги Мулоқот бўйича шерик мақоми тўғрисидаги низом ҳамда ташкилот доирасида амал қиладиган бошқа халқаро шартномалар ва ҳужжатларга кўра томонлар Меморандумда ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли асосий йўналишлари белгиланди.

Мазкур Меморандум имзоланган санадан эътиборан кучга кирди.

Шу тариқа ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг қатор давлатларга ташкилотнинг мулоқот бўйича шериги мақомини тақдим этиш тўғрисида 2015 йил 10 июлдаги қарорлари тўлиқ амалга оширилди. Илгарироқ Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги доирасида Камбоджа Қироллиги, Озарбайжон Республикаси, Непал Федератив Демократик Республикаси билан тегишли меморандумлар имзоланган эди.

Ҳозирги кунда ШҲТ 6 та аъзо давлат (Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон), 6 та кузатувчи давлат (Афғонистон, Белорусь, Ҳиндистон, Эрон, Мўғулистон ва Покистон) ва 6 та мулоқот бўйича шерик давлатни (Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка) ўз ичига олади.