Ўзбекистон ҳукумати ва Бирлашган миллатлар ташкилоти Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) 2016-2020 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурининг фаолият режаси (ҲДФР)ни имзолади. Бу ҳақда ЮНИСЕФ ваколатхонаси «Газета.uz»га маълум қилди.

Фаолият режаси мамлакатдаги болалар ва оналар фаровонлигини ошириш ҳамда барқарор тараққиёт мақсадларига, хусусан, бола саломатлиги, таълим ва болалар ҳимоясига қаратилган мақсадларга эришишда кўмаклашишни кўзда тутади. Ҳужжат бош вазир ўринбосари Адҳам Икрамов ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Роберт Фудерич томонидан имзоланди. Маросимда соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов ва халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ҳам иштирок этди.

Мазкур ҳужжат ЮНИСЕФ ҳамда бир қатор вазирликлар, бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги интенсив маслаҳатлашувлар жараёнида тайёрланди. У Ўзбекистонда болалар фаровонлиги билан боғлиқ бўлган сиёсат ва стратегияларга ҳамоҳанг бўлиб, БМТнинг Ўзбекистонда тараққиётга кўмак дастури ва 1994 йилда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ равишда ишлаб чиқилган.

Кейинги беш йил давомида ЮНИСЕФ томонидан қўллаб-қувватланган дастурлар болаларга тааллуқли ҳуқуқий ҳужжатлар устида ишлаш, энг муҳтож оилаларга урғу берган ҳолда миллий ҳамкорларнинг салоҳиятини оширишга қаратилади. Мазкур саъй-ҳаракатлар соғлиқни сақлаш, таълим ва болаларни ҳимоя қилиш жабҳаларига йўналтирилган. Тармоқлараро узвийликни таъминлаш мақсадида болалар ҳуқуқлари мониторингини олиб бориш учун зарур бўлган маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш борасидаги фаолият ҳам такомиллаштирилади.

ЮНИСЕФ Ўзбекистонда янги режани амалга ошириш учун кейинги беш йил мобайнида 33 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни инвестиция қилади.