Тошкентда 13-14-апрел кунлари Ўзбекистон Республикаси раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг ўн биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, унда Қозоғистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси — Хавфсизлик кенгаши котиби Н. Эрмекбаев, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси Го Шенкун, Қирғизистон Республикаси Мудофаа кенгаши котиби Т. Жумақодиров, Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Н. Патрушев, Тожикистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби А. Қаҳҳоров, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В. Маҳмудов, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Р. Алимов ва ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) Ижроия қўмитаси директори Е. Сисоев иштирок этди.

Йиғилишда ШҲТ ҳудудида хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлашга доир долзарб масалалар, терроризм, сепаратизм, экстремизм, қурол-яроғ ва наркотикларнинг ноқонуний айланиши, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва биргаликда ҳаракат қилиш механизмларини такомиллаштириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Халқаро терроризм ва экстремизмнинг барча кўринишларига барча давлатларнинг биргаликдаги кураши орқали барҳам бериш мумкинлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.

Иштирокчилар 23-24 июнда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишига тайёргарлик ишлари ҳақида Ўзбекистон томонининг ахборотини тинглади. ШҲТнинг бўлажак саммити ташкилотнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини такомиллаштириш ва хавфсизлик соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришда муҳим босқич бўлиши таъкидланди.

Йиғилишда Тошкент шаҳрида ўтадиган саммитда қабул қилиниши кўзда тутилаётган ШҲТнинг экстремизмга қарши курашиш конвенцияси, ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга оширишга доир тадбирлар режаси, ШҲТга аъзо давлатларнинг наркотикларга қарши курашиш бўйича 2017-2022 йилларга мўлжалланган стратегияси ва уни бажариш бўйича Ҳаракат дастури лойиҳаларини имкон қадар тезроқ келишиб олиш муҳимлиги қайд этилди.