Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов жума куни «Кўксарой» резиденциясида Тошкентга амалий ташриф билан келган Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашди.

Қозоғистон раҳбари сайтининг хабар қилишича, икки мамлакат етакчилари савдо-иқтисодий, сув-энергетика, транспорт-логистика ва маданий-ижтимоий соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишларини кўриб чиқишди.

Каримов ва Назарбоев, шунингдек, халқаро кун тартиби, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамда июнь ойида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига оид долзарб масалаларни муҳокама қилишди.

Ислом Каримов икки мамлакатнинг самимий дўстлик, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлашга оид муносабатларини қайд этиб ўтди. «Ҳозирда биз яшаётган мураккаб даврда айнан ушбу сифатлар ўта зарур саналади», — деди у.

«Нурсултон Назарбоевнинг мазкур ташрифи ҳозирги вазиятда тўғри қарорни биргаликда излаш бўйича фикр алмашиш учун айни муддаодир. Жаҳон иқтисодиётида инқироз ҳамон давом этмоқда, дунёдаги бирорта давлат ҳам қийинчиликларда мустасно эмас. Биз тўғри йўлдан бориш ва доимо „соатларимизни тўғирлаб олиш“ни истаймиз», — дея таъкидлади Ўзбекистон Президенти.

Нурсултон Назарбоев ҳам икки мамлакат ўртасидаги тарихий дўстлик муносабатларини қайд этиб ўтди. «Мустақиллик йилларида биз нафақат мазкур алоқаларни сақлаб қолдик, балки мамлакатларимиз ҳам яқинлашди. Мазкур контекстда бизнинг учрашувларимиз ортиқча расмиятчиликлардан холи бўлиб, қўшнилар сифатида муҳим аҳамият касб этади», — деди у.

«Мен Сиз билан дўстлигимиздан, қозоқ ва ўзбек халқларининг дўстлигидан фахрланаман. Мақсадимиз мазкур муносабатларни мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч ва уларни келгуси авлодларга етказишдан иборат. Бутун қозоқ халқи номидан ўзбек халқига ривож ва муваффақиятлар тилайман», — деди Нурсултон Назарбоев.