«Қуюв-механика заводи» шўъба корхонаси («Ўзбекистон темир йўллари» таркибига киради) Божхона иттифоқининг юк вагонлари араваларининг рессор усти балкаси ва ён қисми (баковина) рамасини қуйиш ва экспорт қилиш имконини берувчи сертификатига эга бўлди, дея хабар қилди компания ахборот хизмати.

«Завод Божхона иттифоқининг юк вагонлари араваларининг рессор усти балкасини қуйиш ҳуқуқини берувчи тегишли сертификатини қўлга киритган эди. Бу йил эса юк вагонлари араваларининг ён қисми (баковина) рамасини қуйиш ва экспорт қилиш имконини берувчи сертификат топширилди. Бугунги кунда Россия, Беларусь ва Қозоғистон сингари бир қатор хориж мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

2013 йил сентябрида «Ўзбекистон темир йўллари» Қуюв-механика заводида умумий қиймати 150 млн доллар бўлган модернизация ишларини амалга оширган эди. Натижада корхона МДҲ ҳамда қўшни мамлакатлардан катта миқдордаги буюртмаларни қабул қилиш имкониятига эга бўлди.