Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 11 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 10 мартда қабул қилиб, Сенат 31 мартда тасдиқлаган «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунга имзо чекди. Қонун 12 апрелдан кучга кирди.

Қонунга биноан, давлат ҳукумати ва бошқаруви органлари фаолияти ҳамда уларнинг Конституция ва қонунлар, парламент палаталари ва органлари қарорлари, давлат дастурларининг бажарилиши, шунингдек, уларга юклатилган вазифаларнинг амалга оширилиши учун масъул шахслар парламент назорати объекти ҳисобланади.

Парламент назоратини Олий Мажлис палаталари, палаталар қўмиталари (комиссиялари), сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳлари, депутатлар ва сенаторлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) амалга ошириши мумкин.

Парламент назорати мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан Бош вазир ҳисоботи, ҳукумат аъзолари ахбороти, Ҳисоб палатаси, Бош прокурор, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Марказий банк ҳисоботларини эшитиш, парламент сўрови, депутат ва сенатор сўрови, қонун ҳужжатлари ижро этилаётганлигини ўрганиш, қабул қилинган қонунларни ижро этиш мақсадида қонуности ҳужжатлари қабул қилинишини мониторинг қилиш, парламент текшируви бошқалар кўринишида амалга оширилади.

Парламент текшируви жамият ва давлатнинг муҳим манфаатларига тажовуз қилиши, хавфсизлик ва мамлакатнинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган аниқ далиллар ёки ҳодисаларни ўрганиш мақсадида ўтказилиши мумкин.

Қонунда прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини олиб бориш учун Олий Мажлис палаталари Сенатнинг махсус комиссиясини тузиши қайд этилган. Бундай комиссия парламент юқори палатасининг сўнгги ялпи йиғилишида шакллантирилди (унинг таркиби ҳозиргача эълон қилингани йўқ).

Президентга ҳукумат аъзосини истеъфога чиқариш тўғрисидаги таклифнинг тақдим этилиши, давлат ташкилотларида улар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва маслаҳатлар бериш, мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш ёки уларни лавозимидан озод қилиш, давлат ташкилотлари ва мансабдор шахсларга фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ва бошқа қонунбузарликларга оид ҳолатларни зудлик билан тўхтатиш талаби билан мурожаат қилиш кабилар парламент назоратининг якуний натижалари саналади.

Парламент назорати субъектлари янги қонунчилик акти лойиҳасини тайёрлаш ёки амалдаги актларни қайта кўриш бўйича ташаббус билан чиқишлари ҳам мумкин.

Қонунда Олий Мажлис палаталари ҳамда улар органларининг парламент назорати якунларини кўриб чиқиш бўйича йиғилишлари очиқ ва ошкора ўтказилиши ҳамда мазкур натижалар ОАВ ва парламент палаталари сайтларида эълон қилиниши белгиланган. Айни пайтда, зарурат туғилганида йиғилишни ёпиқ тарзда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиниши ҳам мумкин.