Самарқанддаги 4- сонли болалар мусиқа санъат мактаби ўқувчиси Далер Шавкатов Испанияда бўлиб ўтган Dancing Catalonia халқаро танловида биринчи ўринни қўлга киритди.

Ушбу ғолиблик 13 ёшли Далер учун халқаро майдонлардаги иккинчи йирик муваффақият бўлди. Ўтган йили у Ригада ташкиллаштирилган халқаро фестивалда бош мукофот — Гран-при шоҳсупасига чиққан эди. Ўшанда Латвия пойтахтида етти мамлакат вакиллари жам бўлди. Ўзбекистондан эса турли вилоятларнинг 25 нафар вакили чиқиш қилди. Мактаб директори Виктория Салимованинг сўзларига кўра, Далер танловда ҳеч кимга имконият қолдирмади. Унинг чиқиши шу қадар таъсирли бўлдики, ҳакамлар бир овоздан Гран-при ва биринчи ўринга лойиқ топишди (Ригадаги чиқиш видеоси пастроқда).

Айнан Ригада Испаниянинг Fiestalonia Milenio фестивали қўмитаси президенти Давид Жапаридзе ўзбекистонликка халқаро Dancing Catalonia танловида қатнашиш учун сертификатни тақдим этди.

Танлов март ойида Коста-Браванинг Ўрта Ер денгизи соҳилларидаги Ллорет-де-Мар курорт шаҳрида бўлиб ўтди. Унда 11 мамлакат, жумладан,Миср, Индонезия, Исроил, Куба, Россия, Жанубий Африка ва бошқа давлатларнинг 200 нафардан зиёд вакиллари иштирок этди. Далер Шавкатов Street Dance номинациясида биринчи ўринни қўлга киритди.