Ўзбекистон ҳукумати 1 июлдан бошлаб мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни (ТИФ ТН коди 07-08) халқаро юк ташиш лицензиясига эга жисмоний ва юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларида экспорт қилишга рухсат берди. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги 1 апрелда тасдиқланган қарори душанба куни Lex.uz сайтида эълон қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, бундай қарор «2016 йилда мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни экспортга етказишни самарали ташкил этиш мақсадида» қабул қилинди.

Юқорида кўрсатилган маҳсулотларни автотраспорт воситаларида ташиш ўтган йилнинг 1 сентябрида тақиқланган эди. Бундай маҳсулотларни фақатгина темир йўл ва ҳаво транспорти орқали экспорт қилишга рухсат берилгани экспортни тартибга солиш, божхона амалиётлари шаффофлигини таъминлаш ва шу каби маҳсулотларни чегара орқали ноқонуний ташилишини бартараф этиш билан изоҳланди.

Октябрь аввалида Вазирлар Маҳкамаси мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни 1 январга қадар автотранспортда ташишга рухсат берди, бироқ бу фақат махсус рўйхатга киритилган юридик шахсларга тааллуқли эди. Январь сўнгида мазкур рухсат 1 июлга қадар узайтирилди.

Қайд этиш жоизки, 1 октябрдан Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотлари, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни экспорт қилишда ноҳалол экспорт қилувчилар ва уларнинг муассислари реестрини юритиш жорий этилган.