Тошкентдаги Инҳа университети (IUT) ва Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) 8 апрель куни таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандумни имзолади.

Ҳужжат IUT ректори Шерзод Шерматов ҳамда ТАТУ ректори Ўткир Ҳамдамов томонидан имзоланди, дея хабар берди IUT матбуот хизмати. Меморандумдан кўзланган мақсад таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

IUT ва ТАТУ меморандуми доирасида талабаларни академик алмашиш ҳамда ўқитувчилар, илмий ходимлар ва маъмурият ишчилари ўртасида тажриба ўртоқлашиш соҳасида ҳамкорлик олиб борилади. Шунингдек, ОТМлар ўқув-методик ишлар, ўқув режалари ва дастурлари, ҳамкорликда маърузалар, конференциялар, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар ўтказади.

Ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири тадқиқотлар, шу жумладан, IUT Инновация ва саноат кооперациялари маркази ҳамда ТАТУнинг Таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришда инновацион ҳамкорликни ривожлантириш маркази ўртасида алоқалар ўрнатишни ўз ичига олади.