10 апрелдан 10 майгача Ўзбекистонда «Тоза ҳаво» операциясининг биринчи босқичи ўтказилади, дея хабар қилди «Туркистон-пресс» НАА.

Автомобиль двигателларидан ажралиб чиқаётган газларнинг миқдори ва зарарлилик даражаси мониторинги бўйича операция Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Давлат санитария эпидемиология назорати маркази билан ҳамкорликда ўтказилади.

Тошкентда бўлиб ўтган «Тоза ҳаво» тадбирига бағишланган семинарда таъкидланишича, бу йилги тадбирларни ёритиш бўйича ахборот кампаниясида илк бор «Водители Ташкента» Facebook-ҳамжамияти ҳам қўшилди.

2015 йилда ўтказилган «Тоза ҳаво» тадбирлари жараёнида 228 мингдан зиёд автотранспорт воситалари двигателлари чиқараётган газларнинг миқдори ва зарарлилик даражаси текширувдан ўтказилди. Бундан ташқари, 62 та автотранспорт корхонаси, 28 та автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияси ва 9 та техник хизмат кўрсатиш станциясида назорат тадбирлари олиб борилди.

Операция вақтида асосий эътибор атмосферага 70% углерод оксиди (СО) ва 13% углеводородлар (СР)ни чиқараётган карбюратор двигателли ҳамда дизелли автомобилларга қаратилади.

Ўтган йили Ўзбекистонда 7000 атрофидаги автотранспорт воситалари газ ёнилғисига ўтказилиб, атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар миқдори 8000 тоннадан зиёдроққа қисқаришига эришилди.