Март ойида Россияда GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарилган 1677 дона янги автомобиль сотилди (бозордаги савдолар бўйича 19-ўрин), дея гувоҳлик бермоқда Европа бизнеси ассоциациясининг Авто ишлаб чиқарувчилар қўмитаси маълумотлари.

1586 машина сотилган февраль ойидаги натижалар билан таққосланганда, ўсиш кўрсаткичи 5,7% ни ташкил этди ва 1677 автомобилдан иборат бўлди. Ўтган йилнинг март ойи (1757) билан солиштирилганида эса савдолар 4,6% га пастлаган.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Россия бозорида жами бўлиб Ўзбекистон ишлаб чиқарувчисининг 4532 автомобили сотилди. Бу 2015 йилнинг худди шу даврига нисбатан 16,2% паст кўрсаткич (5411 авто) ҳисобланади.

Gentra Россияда энг сотилаётган GM Uzbekistan модели бўлиб қолмоқда — ўтган йилнинг март ойидаги 1181 ўрнига 1162 автомобиль (-1,6%) сотилган бўлса, бутун чорак мобайнида — 3308 машина. 2015 йилнинг худди шу даврида 3090 Gentra сотилган эди (+7%). Бундай натижа билан Gentra энг кўп сотилаётган автомобиллар рўйхатининг 25-поғонасидан ўрин эгаллади.

Март ойи якуниларига кўра, GM Uzbekistan'нинг Россия бозоридаги улуши ўтган йилнинг шу ойи даражасида қолди — 1,3%, чорак якунларига кўра эса — 1,4% (у ҳам ўзгаришсиз).

Умумий миқёсда РФда март ойида 125917 янги енгил ва енгил тижорий автомобиль (йиллик ҳисобда -10%), чорак давомида эса — 319092 авто (-16,9%) сотилди.