8 апрель куни Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси кенгашининг (МАТК) Қозоғистон Республикаси раислиги остидаги 28-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси вакиллари иштирок этди, дея хабар қилинди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида.

Йиғилишда ШҲТга аъзо давлатларнинг 2013-2015 йилларда амалга оширилган Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашдаги ҳамкорлик дастури якунлари ҳамда ШҲТ МАТК қарорларининг бажарилиши жараёни муҳокама қилинди. ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши томонидан ШҲТ МАТКнинг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот лойиҳаси тасдиқланди. Қайд этилишича, ШҲТ МАТК фаолияти терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш соҳасидаги замонавий таҳдид ва чақириқларга жавоб беради.

ШҲТга аъзо давлатлар компетент органлари томонидан Хитой Халқ Республикаси ҳудудида ўтказилган Интернет тармоғидан террористик, сепаратистик ва экстремистик мақсадларда фойдаланишни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича «Сяминь-2015» ҳамкорликдаги штаб ўқувлари якунларига юксак баҳо берилди.

Халқаро террористик ташкилотлар туғдираётган чақириқ ва таҳдидларга қарши туриш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида уларнинг террористик фаоллигини зарарсизлантириш, шу жумладан, ШҲТга аъзо давлатлар фуқароларининг террористик фаолиятда иштирок этиш учун хориж мамлакатларига чиқиб кетишларига йўл қўймаслик юзасидан ҳамкорликдаги тадбирлар комплексини ўтказишга келишиб олинди.

ШҲТга аъзо давлатлар аҳолисининг радикал диний мафкураларга нисбатан иммунитетини шакллантириш, террорчи-худкушлардан фойдаланган ҳолда террористик хуружларни бартараф этишга йўналтирилган ишларни такомиллаштиришга оид масалалар муҳокама қилинди. ШҲТга аъзо давлатлар компетент органлари чегара хизматларининг ҳамкорликдаги «Бирдамлик-2016» чегара операциясини ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.

2016 йилнинг тўртинчи чорагида аъзо давлатлар делегациялари ва ШҲТ қошидаги кузатувчилар иштирокида халқаро терроризм ва экстремизмга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги илмий-амалий конференция ўтказиш режалаштирилди.

Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш соҳасида кенг ҳамкорлик тармоқларини шакллантириш манфаатлари доирасида ШҲТ МАТКнинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш Котибияти билан ҳамкорлиги кўзда тутилган ҳужжат лойиҳаси тасдиқланди.

ШҲТ Ижро қўмитаси фаолиятини молиявий таъминлаш, ташкилий-кадрлар оид масалалари ҳамда келгусида терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашда ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлигининг ҳуқуқий базасини шакллантириш бўйича қарор қабул қилинди.