7 апрель куни пойтахтда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) кўмагида бунёд этилган Ўзбекистон ишбилармон аёлларининг «Тадбиркор аёл» ассоциацияси янги офисининг очилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Жаҳон» АА хабар қилди. Маросимда Ўзбекистонга ташриф буюрган ТИКА раҳбари Сердар Чам иштирок этди.

«Аёллар мамлакатда фаолият кўрсатаётган барча тадбиркорларнинг 40 фоиздан зиёдроғини ташкил этади», — дея қайд этди маросимда «Тадбиркор аёл» раиси Гулнора Маҳмудова. Ассоциация аёлларга касб эгаллаш ва ишга жойлашиш, шунингдек, ўз хусусий бизнесини ташкил этиш ва ривожлантиришда кўмак кўрсатмоқда.

ТИКА раҳбари Сердар Чамнинг таъкидлашича, аёллар давлат ва жамият ҳаётида муҳим роль ўйнайди, аёллар тадбиркорлигининг ривожланиши эса аҳоли фаровонлигининг ошишига хизмат қилади. Унинг қўшимча қилишича, турк агентлиги мазкур муассасага ёрдам кўрсатиш ҳамда янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр.