Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегация 8 апрель куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Москва шаҳридаги навбатдаги йиғилишида иштирок этади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

МДҲ Ижро қўмитаси маълумотига кўра, йиғилиш кун тартибидан турли соҳаларда Ҳамдўстлик мамлакатларининг ўзаро ҳамкорлиги масалалари ўрин олган.

Жумладан, МДҲга аъзо мамлакатлар қуролли кучлари манфаатлари учун геоминтақавий ахборотларни алмашиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битим, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида — «МДҲга аъзо мамлакатлар аҳолисининг саломатлиги» Стратегияси, 2016-2020 йилларда қандли диабет профилактикаси ва уни даволаш бўйича ҳамкорлик дастури ҳамда Саратон касалликларига қарши курашиш жабҳасида ҳамкорлик дастури лойиҳаларини кўриб чиқиш режалаштирилган.

Вазирлар жиноий ишларни судда кўриб чиқишда қатнашчиларнинг ҳимоя қилиниши, ҳарбий метрология ва қуролли кучларнинг метрологик таъминоти, қуролли кучлар учун минасизлантириш соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, ёшлар билан ишлаш ҳамда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни тадқиқ қилиш бўйича МДҲга аъзо мамлакатларнинг базавий ташкилотини яратишга тааллуқли саволларни кўриб чиқишади.

Бундан ташқари, МДҲ мамлакатларининг ART EXPO халқаро кўргазмасини ташкил этиш ҳамда «Ҳамдўстликнинг маданият пойтахтлари» давлатлараро дастурини амалга оширишни кўзда тутган ҳужжатлар ҳам муҳокама қилинади.