Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар Вазири Абдулазиз Камилов 6 апрель куни мамлакатимизга Ҳукуматда, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида музокаралар олиб бориш учун ташриф буюрган Япония ташқи ишлар вазирининг парламентдаги ўринбосари Мики Ямадани қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

ТИВдаги музокаралар чоғида Ўзбекистон-Япония муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамда «Марказий Осиё + Япония» Мулоқоти доирасида ўзаро алоқаларни қамраб олган кенг кўламли икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг таклифига биноан Япония Бош вазири Ш.Абенинг 2015-йил октябр ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи ва олий даражадаги музокаралар икки давлат ўртасидаги стратегик шерикчиликка янги суръат берди.