Ўзбекистон олий таълим муассасалари талабаларининг еттинчи «Универсиада-2016» спорт мусобақаларининг финал босқичи Фарғонада бўлиб ўтади.

ЎзА хабарига кўра, масобақалар шаҳардаги 29 та объект, шу жумладан, Фарғона давлат университети, Фарғона политехника институти, Фарғона олимпия захиралари спорт коллежида ўтказилади.

Спорт заллари замон талаблари асосида таъмирланиб, жиҳозланмоқда. Фарғона давлат университетида 3 минг 200 ўринли футбол майдони, ёпиқ сузиш ҳавзаси, учта волейбол майдони ва енгил атлетика йўлаклари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Фарғона давлат университети ва Фарғона политехника институтининг талабалар турар жойи бинолари замонавий таъмирдан чиқарилмоқда.

Фарғона, Маърифат, Мураббийлар каби марказий кўчалар замонавий архитектура талаблари асосида таъмирланмоқда, қарийб 5 километрлик йўл реконструкция қилинмоқда.

Универсиада ҳар уч йилда бир марта ўтказилади. Бундан аввалги ўйинлар Бухорода бўлиб ўтган эди.