Бош прокуратура Соғлиқни сақлаш вазирлигида соғлиқни сақлаш соҳасидаги суиистеъмолчиликлар ва коррупциянинг олдини олиш масалаларига бағишланган учрашувни ўтказди. Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, тадбир «Коррупция — миллий хавфсизликка таҳдид» тарғибот тадбирлари дастури доирасида ташкил этилди.

Учрашувда вазирлик раҳбарияти, барча таркибий тармоқлари бошлиқлари, ҳудудий бошқармалар, шунингдек, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Бош прокуратура вакили томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларида қонунийлик ҳолати, қонунбузилишлар ҳамда бунга имконият яратган шарт-шароитларнинг таҳлили натижалари юзасидан маъруза қилинди. Шунингдек, тадбирда Ички ишлар вазирлиги ҳамда Республика маънавият тарғибот маркази вакиллари ҳам учрашув мавзуси бўйича маъруза қилдилар.

Соғлиқни сақлаш муассасаларида қонунийликни таъминлаш борасидаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш натижаларига кўра, келгусида профилактика тадбирларини амалга ошириш юзасидан ҳамкорликдаги комплекс чора-тадбирлар белгиланди.

Бундай тадбирларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларининг барча ходимлари ўртасида ўтказиш режалаштириб олинди.